Maqolalar
15.07.2010Мустақиллик одимлари: муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош
ҳуқуқларни муҳофаза этиш, бу борадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг қонуний
асосларини юзага келтириш, интеллектуал мулк соҳасидаги қонун
ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этишга кенг йўл ҳамда
имкониятлар очилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 30 январдаги “Бутуниттифоқ муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг Ўзбекистон бўлимини Ўзбекистон Республикаси муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги (агентлиги)га айлантириш тўғрисида”ги 33-сонли қарори билан агентликнинг номи ўзгариб, унинг Низоми тасдиқланди, келгусида ўз харажатларини ўзи қоплаш чора-тадбирларини амалга ошириш белгиланди.
1992 йил 8 декабрда мустақил Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси қабул қилиниши муаллифлик ҳуқуқини такомиллашуви учун ҳам муҳим воқеа бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлигига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Бу кафолатлар эса ҳар бир инсонга ижод билан шуғулланиш ва муаллиф бўлиш ҳуқуқини беради.
1995 йил 21 декабрга келиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси қабул қилинди ва муаллифлик ҳуқуқига оид асосий нормалар мазкур қонунда ўз аксини топди. Бу эса Ўзбекистон ҳудудида биринчи марта янги “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунни қабул қилинишига замин яратди ва бу қонун 1996 йил 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинди. Ушбу қонун муаллифлар ва турдош хуқуқ эгаларини ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид янгидан-янги қонунлар ва норматив ҳужжатларни шакллантирди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 16 июндаги “Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 286-сонли Қарори ва мазкур қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон муаллифлиқ ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлигининг Низоми, ушбу тармоқнинг вазифа ва мақсадларни амалга оширилишини аниқ ва равшан белгилаб берувчи дастлабки ҳужжатлардан бири бўлди, деб айтиш мумкин.
Мазкур қарорга кўра қуйидагилар Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди: муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш; муаллифлар, уларнинг ҳуқуқий ворислари ҳамда бошқа муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар эгаларининг мулкий ҳуқуқларини тузилган шартномалар асосида амалга ошириш ва ҳимоя қилиш; муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларнинг бузилишига йўл қўймаслик ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш; фан, адабиёт ва санъат асарларини, шунингдек ушбу асарлар муаллифларини рўйҳатдан ўтказиш; Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар ҳисобини юритиш; муаллифларнинг, уларнинг ҳуқуқий ворисларининг ҳамда бошқа муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан чет элларда, белгиланган тартибда ифодалаш; муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
Мазкур қарор билан Агентлик аппарати тузилмаси ва Низоми тасдиқланиб, шу кунга қадар амалда бўлиб келган, Вазирлар Маҳкамасининг "Бутуниттифоқ муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллигининг Ўзбекистон бўлимини Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги (агентлиги)га айлантириш тўғрисида"ги 1992 йил 30 январдаги 38-сон қарор, Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 30 январдаги 38-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 1994 йил 13 августдаги 413-сонли қарори ўз кучини йўқотганлиги эътироф этилди.
Жамият ривожлана борган сари амалдаги қонунлар ва бошқа ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар ҳам такомиллаштирилиб, давр талаби ва эхтиёжларига қараб уларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб борилишини талаб қилиши табиий, албатта.
Шу туфайли, Ўзбекистон Республикасининг 20 июль 2006 йилда қабул қилинган “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни ҳам ана шу давр талаби асосида такомиллашган ҳолда қабул қилиниб, унинг 1-моддасида, ушбу қонуннинг мақсади фан, адабиёт ва санъат асарларини (муаллифлик ҳуқуқи), ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришларини (турдош ҳуқуқлар) яратиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлиги аниқ ва яққол кўрсатиб қўйилди.
2007 йилнинг 16 январида “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қонуни қабул қилиниб, кодексга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2004 йилдаги 286-сонли қарори, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан буён ўтган қисқа давр мобайнида муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига бўлган эътибор кундан-кунга ортиб, агентлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини яратиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган ва келгусида олиб борилиши лозим бўлган барча фаолиятларни қонуний асосларда амалга оширилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар кўлами кенгайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2008 йил 1 январдан бошлаб агентлик ўзини-ўзи маблағ билан қоплаш имкониятига эга бўлди. 2008-2010 йилларда агентлик ўзи ишлаб топган маблағ ҳисобидан қўшимча равишда 12 та замонавий компьютер ва бошқа оргтехника асбоб-ускуналари ва жиҳозлар билан таъминланди. Мазкур мақсадлар учун 60 миллион сўмдан кўпроқ маблағ сарфланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 19 январдаги “Адабиёт ва санъат асарларидан фойдаланганликнинг айрим турлари учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари тўғрисида”ги 10-сонли қарорида, асарлар оммавий ижро этилганлиги учун тўланадиган муаллифлик ҳақининг энг кам ставкаларини, асарлар овозли ёзувда такрорланганлиги, овозли ёзувлар ва аудиовизуал асарлар нусхалари прокатга берилганлиги учун тўланадиган муаллифлик ҳақининг энг кам ставкаларини, тасвирий санъат асарлари такрорланганлиги ва декоратив-амалий санъат асарлари нусхалари саноатда кўпайтирилганлиги учун тўланадиган муаллифлик ҳақининг энг кам ставкаларини белгилаб берилиши билан бир вақтда, Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлигига уларнинг мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар функцияларини бажариш ваколатини ҳам берди.
Ушбу қарорда, аввалги, Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг "Адабиёт ва санъат асарлари нашр этилганлиги, оммавий ижро этилганлиги ва улардан фойдаланишнинг бошқа турлари учун муаллифлик ҳақи ставкалари тўғрисида"ги 1988 йил 16 ноябрдаги 428-сон қарори ўз кучини йўқотганлиги эътироф этилди.
Ўтган йиллар мобайнида бевосита муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилишга қаратилган қонун ва Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси қабул қилинди. Кодексининг бир қатор моддаларида (1041-1081 моддалар) муаллифлар ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид нормалар аниқ ва равшан белгилаб берилди.
Муаллифлик ҳуқуқига оид қонунчилик асосларининг яратилиши давлатимизнинг шу соҳа халқаро ташкилотлари ва конвенциялари (кўп томонлама шартномалар)га аъзо бўлиб киришига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Шу туфайли эндиликда муаллифлар ҳуқуқлари халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида ҳимоя қилиниши таъминланди. Шунингдек, хорижий муаллифлар асарларидан ҳеч бир чекланишсиз республикамизда ҳар қандай кўринишда фойдаланиш имкони ҳам яратилди.
Ўзбекистон интеллектуал мулк муҳофазасига оид қатор муҳим халқаро шартномаларга қўшилган. Миллий қонунчилигимизни халқаро нормалар ва шартномаларга уйғунлаштиришга катта ва доимий эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси “Адабиёт ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш Берн конвенцияси”, “Саноат мулкини муҳофаза қилиш Париж конвенцияси”, “Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти конвенцияси”, “Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти таъсис конвенцияси”, “Халқаро белгиларни рўйхатга олиш Мадрид Битими” ва бу борадаги бошқа муҳим халқаро шартномаларга аъзо бўлди. Интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида кўплаб икки томонлама битимлар тузилди.
Жаҳон миқёсида муаллифларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган асосий ҳужжатлардан бири адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш бўйича Берн конвенцияси ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2004 йилда қўшилган бўлиб, 2005 йилдан бошлаб у бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Конвенция универсал ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, аъзо давлатларда тўғридан – тўғри ёки унинг қоидаларини соҳага оид миллий қонунчиликда акс эттириш орқали қўлланилади. Ушбу ҳужжатга қўшилиш орқали нафақат чет эл муаллифлари асарларининг Ўзбекистон ҳудудида муҳофаза қилиниши, балки ўзбек асарларининг ҳам чет эл давлатларида муҳофазага олинишини таъминлайди.
Чет эл муаллифлик ҳуқуқи жамоа ташкилотлари билан тузилган шартномалар асосида ўзаро вакиллик манфаатларини назарда тутган ҳолда Агентлик чет эл муаллифларининг асарларидан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақини йиғишни амалга оширади ва чет эл ҳуқуқ эгаларига тақсимлаш ва тўлаш учун уларни ушбу жамоа ташкилотларининг ҳисоб рақамларига ўтказади. Ўз навбатида Агентлик билан тузилган шартномаларга мувофиқ чет эл муаллифлик-ҳуқуқий жамоа ташкилотлари ўз ҳудудида ўзбек муаллифларининг асарларидан фойдаланганлиги учун муаллифлик ҳақини йиғадилар ва ўзбек муаллифлари ёки уларнинг меросxўрларига тақсимлаш ва тўлаш учун Агентлик ҳисоб рақамига ўтказадилар. Ҳозирги вақтда Агентлик қуйидаги МДҲ мамлакатларининг интеллектуал мулк ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлари билан ўзаро манфаатларини назарда тутган ҳолда Битимлар тузган. Жумладан, Фонограмма Ишлаб чиқарувчилар Халқаро Федерациясининг Россия ва МДҲ мамлакатлари бўйича ҳудудий вакиллиги (IFPI) билан Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича Битим. Шунингдек Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси билан жамоа асосида муаллифларнинг мулкий ҳуқуқларини бошқариш ва ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимлар тузилган.
Яқин вақтда Европа ва МДҲнинг бошқа давлатлари муаллифлик хуқуқи ташкилотлари билан шунга ўxшаш шартномалар тузиш режалаштирилмоқда.
Бутунжаҳон Интеллектуал Мулк Ташкилоти 1967 йил 14 июль куни Стокгольм шаҳрида “Бутунжаҳон Интеллектуал Мулк Ташкилотини ташкил этиш тўғрисида”ги Конвенция асосида ташкил этилган халқаро ташкилот ҳисобланиб, унинг қароргоҳи Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган.
Мазкур халқаро ташкилот Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимида бўлиб, у 1970 йилдан фаолият юритмоқда. БИМТнинг асосий вазифаси мамлакатлар ўртасида интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни мувофиқлаштириш ва бу борадаги турли халқаро шартномаларнинг маъмурий бошқарувини таъминлашдан иборат.
Ташкилот фаолиятининг асосий йўналиши ривожланаётган давлатларнинг, шу билан бир қаторда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатлари ривожига ёрдам беришга қаратилган. 1974 йилда ҳукуматлараро халқаро ташкилот номини олган мазкур идора ўз маблағларини асосан ер юзида ижодий фаолиятнинг гуллаб-яшнашини рағбатлантиришга йўналтиради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) ЮНЕСКО бўлими интеллектуал мулк ва муаллифлик хуқуқларига оид масалалари билан ҳам бевосита шуғулланади. Ташкилотнинг махсус мақоми билан ишлаб келаётган, штаб квартираси Женева шаҳрида жойлашган Бутунжаҳон Савдо Ташкилоти (БСТ) ҳам интеллектуал мулк масалалари билан шуғулланади. Хусусан, БСТнинг дастурида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларининг ўрни, уларни айрибошлаш, бу ҳуқуқлар ҳимоясига қатъий риоя қилиш бош масала ҳисобланади. Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилотига ҳозирги кунда 160 дан ортиқ давлатлар аъзо бўлган.
Муаллифлик ҳуқуқига оид барча масалаларни ечишда республикамиз тенг ва ўзаро ҳамкорлик принципи нуқтаи назаридан қатнашиб келади. Ушбу масалада бошқа давлатлар билан ҳам алоқалар ўрнатилган. Шартнома ва келишувлар йўли билан муаллифларимиз ҳуқуқлари бутун аъзо давлатларда, хорижий муаллифлар ҳуқуқлари эса бизнинг республикамиз ҳудудида ҳимоя қилинади.
Ўзбекистонда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида катта ва кенг кўламли ишлар қилинаётганлиги халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Интеллектуал мулк муҳофазаси соҳасини ривожлантиришдаги юксак хизматлари учун 1996 йили Президентимиз Ислом Каримов Бутунжаҳон интеллектуал Мулк ташкилотининг “Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Олтин Медали” билан тақдирланди.
Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида 2005 йилда муаллифларнинг ягона электрон маълумотлар базаси яратилди. Ҳозиргача унга 1534 муаллифнинг 18057 та асари киритилди. Шу пайтгача жами 2223 та муаллифлик асари рўйхатга олиниб, агентлик реестрига киритилган.
Агентлик веб-сайти (www uzraap.uz) доимий равишда ишлаб турибди.Унга соҳага оид мамлакатимиз ва чет эл ахборотлари, ОАВ материаллари, интернет хабарлари жойлаштириб борилади. Ижро этилган асарларнинг қидирилаётган матн ва мусиқа муаллифлари учун махсус саҳифа очилган.
2007 йилнинг декабрь ойида Агентлик қошида матбуот хизмати ташкил этилган. Шундан буён ўтган даврда матбуот хизмати томонидан ОАВнинг марказий босма нашрлари, марказий телевидение ва Республика радиосида 150 дан кўпроқ материаллар ёритилди. Бундан ташқари маҳаллий радио ва телевидение, даврий матбуот нашрларида ҳам бу ишлар тобора такомиллашиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига аудиовизуал асарлар ва фонограммаларни ноқонуний олиб кирилиши ва ишлатилишини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири ўринбосари томонидан 2007 йил 3 декабрь куни тасдиқланган 08/01-523-сонли “Республика ҳудудида “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларини бузилиш ҳолатларига қарши кураш юзасидан амалга ошириладиган Тадбирлар режаси”да белгиланган топшириқларни самарали бажарилишини таъминлаш борасида республика Ишчи комиссияси ва унинг жойлардаги ишчи гуруҳлар билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар амалга оширилди.
Муаллифлар, ижрочилар ва бошқа субъектларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасидаги агентлик фаолияти бирмунча яхшиланиб, муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлик ҳолатлари кўрсатилган ариза ва шикоятлар атрофлича ўрганилиб, аниқланган ҳолатлар бўйича бузилган ҳуқуқларни тиклаш чоралари кўрилмоқда. Энг асосийси, муаллифларда агентлик томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишига бўлган ишончлари ортиб бормоқда.
Бу борада, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2008 йил 29 июль кунидаги ажрими билан, даъвогар Эшимов Дўстмуроднинг жавобгарлар З.Ражамуродов, М.Ўролов, Б.Бозоров ва Б.Зариповларга нисбатан муаллифлик хуқуқини тиклаш ва етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш хақидаги даъвоси бўйича агентлик томонидан берилган эксперт хулосаси натижасида Д.Эшимовнинг муаллифлик ҳуқуқлари тикланганлигини;
Драматург Эркин Хушвақтовнинг муаллифлик ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисидаги шикоят аризаси юзасидан олиб борилган текширув натижаларига кўра, унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисида фуқаролик судига даъво аризаси киритилиб, ҳозирда суд томонидан кўрилаётганлигини;
Бастакор Абдусаид Набиевнинг, марказий телевидениенинг “Ёшлар” канали орқали, режиссер Ойбек Вейсал ўғлининг режиссёрлигида суратга олинган “Муҳаббатим-қисматим” номли сериалида, унинг муаллифлигига мансуб бўлган мусиқий эртак - пьесасидан фойдаланилганлиги хусусидаги аризаси юзасидан олиб борилган текширув давомида, режиссер Ойбек Вейсал ўғли томонидан фильмни тугаллаш жараёнида бастакор А.Набиев асарларидан фойдаланилганлиги хақидаги маълумот киритилмай қолганлиги тан олиниб, йўл қўйилган бу камчилик тарафлар ўртасида келишув йўли билан ҳал қилинганлиги каби мисолларни; муаллифлик хуқуқлари бузилганлиги хақидаги фотографлар В.Таран, Р.Ярулин, А.Жумаев, драматург-сценарист В.Гусев ва бошқаларнинг ариза ва шикоятлар бўйича олиб борилган текширувлар ва ундириб берилган гонорарлар мисолида кўплаб келтириш мумкин.
2010 йил Президентимиз томонидан “Баркамол авлод йили” деб номланганлиги чинакамига ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён бўлишида ўзига хос туртки бўлди. Жорий йилнинг ўтган вақтида ёш муаллифларнинг 50 дан кўпроқ асарлари агентлик томонидан рўйхатга олинди. Уларнинг асосий қисмини ЭҲМ учун дастурлар, замоновий технологияларга оид ишланмалар, веб-сайтлар ташкил этади.
Мустақиллик туфайли барча мулклар каби интеллектуал мулк ўз қадр-қимматини топди. Уни муҳофаза қилишда агентлик барча чораларни кўради. Бунинг учун эса ҳуқуқий – норматив база ҳам шарт-шароитлар ҳам етарли.
Агентлик матбуот хизмати




